Жанубий Кореяда топилган 2 та учувчисиз самолёт Шимолий Кореяда ишлаб чиқарилгани ҳамда жосуслик мақсадида қўлланилгани маълум бўлди. Бу ҳақда 2 апрел куни Ренхап агентлиги хабар берди.

Foto: sfora.pl

Фото: сфора.пл

Учувчисиз самолётлар ҳудуднинг ҳолатини тасвирга олишда Японияда ишлаб чиқарилган камералардан фойдаланган, қурилманинг қолган барча қисмлари Хитойда тайёрланган. Шуни қайд этиш лозимки, қурилмалар база билан тўғридан-тўғри алоқа қилмаган, тасвирга олинган суратларни бевосита узатиш имконияти бўлмаган. Камераларнинг хотирасида ҳарбий базалар ва Президентнинг Сеулдаги қароргоҳи акс этган фотолавҳалар топилган. Аппаратларнинг навигацияси учун ГПС тизимидан фойдаланилган.

Ғарбда такомиллашган бошқа нусхаларига қараганда Шимолий Кореянинг учувчисиз самолётлари жойнинг ландшафтига қараб ўз баландлигини ўзгартириш қобилиятига эга бўлмаган. Шунга қарамасдан Жанубий Корея радарлари қурилмалардан фақат бирини сезишга муваффақ бўлди. Иккинчи қурилма эса ҳалокатга учраганидан кейингина топилган.

Бошқа маълумотларга кўра, биринчи қурилманинг қолдиқлари 24 март куни КХДР  билан чегарадан унча узоқ бўлмаган масофада, иккинчи қурилманинг қисмлари эса 1 апрелда топилган. Парвознинг сўнгги вақтида қурилмалар Жанубий Кореянинг Пенниндо оролида ҳалокатга учраган.

Таъкидлаш жоиз, Пхенян ўша куни эрталаб орол яқинида ҳарбий машғулотлар ўтказган. 31 март куни Жанубий ва Шимолий Корея ўртасида денгизда ўзаро  қуролли отишмалар содир этилган эди. Сеул ҳукумати шимолликларнинг бу ҳаракатларини атайин уюштирилган фитна сифатида баҳолади.

Сеул ва Пхенян 1950—1953-йиллардаги қуролли низолар содир бўлганидан буён ҳалигача тинчлик шартномасини имзолагани йўқ. Иккала давлат уруш ҳолатида ҳисобланиб, муносабатларнинг  кескинлиги сақланиб қолмоқда ҳамда ажратиб олинмаган чегараларда вақти-вақти билан ҳарбий можаролар такрорланиб турибди. Масалан, Шимолий Кореянинг 2010-йилда Жанубий Корея ҳудудини ўққа тутиш натижасида 4 киши ҳалок бўлган эди.