Украинанинг ҳокимиятдан четлатилган собиқ президенти Виктор Януковични ҳамда Украина хавфсизлик хизматининг собиқ раҳбари Александр Якименкони ҳибсга олиб, судга келтириш ҳақида мамлакат Бош прокуратураси ордер берди. Бу ҳақда Украина хавфсизлик хизмати раҳбари Валентин Наливайченко журналистлар билан бўлган мулоқотда маълум қилди, деб ёзади «ИТАР-ТАСС».

Foto: itar-tass.com

Фото: итар-тасс.cом

Аввалроқ, 28 март куни Украина Бош прокуратураси Януковичга нисбатан мамлакат Жиноят кодексининг 109-моддаси бўйича, яъни «конституциявий тузумни ағдаришга даъват қилиш» айбловини еълон қилган. «Янукович бугун Украина халқига навбатдаги мурожаатида мамлакатнинг амалдаги ҳукуматини ноқонуний деб атади ва Украина таркибидаги ҳар бир ҳудуднинг мақомини белгилаш учун референдум ўтказишни талаб қилишга чақирган», – дейилади Бош прокуратура хабарида. Таъкидланишича, юқорида кўрсатилган ҳаракатлари билан Янукович «конституциявий тузум фаолияти соҳасида ҳамда давлат ҳукумати фаолияти соҳасида ички хавфсизликка таҳдид қилмоқда».

Айтиб ўтиш керакки, аввал ҳам Януковичга Украина Жиноят кодексининг 115-моддаси 2-қисми (икки ёки ундан ошиқ кишини қасддан ўлдириш) бўйича айблов эълон қилиниб, собиқ президент 2014-йилнинг 26 февралида қидирувга берилган.

3 март куни эса Украина Бош прокуратураси Януковичга нисбатан иккинчи жиноий иш қўзғатган – унга мамлакатда конституцион тузумни ағдаришга даъват қилиш айби қўйилган. Януковичнинг Ростов-на-Дону шаҳрида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Украина Олий Радасининг уни президент лавозимидан четлатганлиги ҳақидаги қарорини тан олмаслиги ва ўзини давлатнинг қонуний раҳбари, деб ҳисоблаётганлигини айтган.

Прокуратуранинг таъкидлашича, Виктор Янукович 2010-йили «Украина конституциясини конституцияга зид усулда ўзгартирган ва шу билан давлат ҳокимиятини қўлга олган».