Марказий разведка бошқармасининг террорчиликда гумон қилинаётган шахсларни сақлаш ва тергов қилиш усуллари бўйича дастурлари ҳақида АҚШ Конгрессининг разведка ишлари бўйича қўмитаси маъруза тайёрлаган. 3 апрель куни Қўмита бу маърузанинг 480 саҳифалик бир бўлимини ошкор этиш тўғрисида қарор қабул қилди. Шунингдек, сенаторлар маърузанинг тўлиқ матнини кўриб чиқиш учун президент Барак Обамага юбормоқчи, дея хабар беради Reuters.

Foto: newsru.com

Фото: newsru.com

Маърузанинг тўлиқ матни 6,3 минг саҳифадан ошади. Унда террорчиликда гумон қилинаётган шахсларни мунтазам тарзда қийноққа солиб келганлиги учун МРБ қаттиқ танқид остига олинган.

Аввалроқ АҚШ маъмурияти собиқ президент Кичик Жорж Буш даврида махсус хизматлар томонидан йўл қўйилган ўз мансабини суиистеъмол қилиш ҳолатлари ҳақидаги ҳужжатнинг нашр этилишига қарши эмаслигини билдирган эди. Бироқ маърузага тузатишлар киритиш ва уни чоп этиш учун қанча вақт керак бўлиши ҳозирда номаълум.

Маърузага қизиқиш яқинда, у ҳақдаги махфий маълумотлар оммавий ахборот воситаларига чиқиб кетиши билан бошланди. Америкалик ҳуқуқ ҳимоячилари маърузанинг махфийлаштирилганлиги ва кўриб чиқиш муддатининг чўзилганлиги сабабли ҳукуматни танқид остига олишди. Хориждан ҳам танқидлар бўлди, жумладан, Россия Ташқи ишлар вазирлигининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Константин Долгов ҳам маъруза ошкор этилишининг чўзилиши Қийноқларга қарши Конвенция талабларини бузишини таъкидлаган.