М-37 Самарқанд-Ашхобод-Туркманбоши автомобил йўлининг Бухоро вилояти ҳудудидан ўтган 321—331-километрларида реконструкция ишлари якунланиб, объект фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда «Ўзавтойўл» Давлат акциядорлик компанияси матбуот хизмати хабар берди.

Foto: mytashkent.uz

Фото: mytashkent.uz

Ромитан туман Йўллардан фойдаланиш-таъмирлаш корхонаси томонидан амалга оширилган лойиҳа йўлнинг транспорт ўтказувчанлигини жаҳон талабларига мувофиқлаштирилиш, автомобилларнинг узлуксиз ва хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш имконини беради.

— Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун Республика Йўл жамғармаси томонидан 45 миллиард 300 миллион сўм ажратилган бўлиб, ишнинг тўғри ташкил этилиши натижасида реконструкция ишларини режада белгиланган муддатдан олдин якунладик, — дейди корхона иш юритувчиси Рашид Ғойибов.

Ромитан Йўллардан фойдаланиш-таъмирлаш корхонаси 2009 йилда 4Р-48 автомобил йўлида 2483,7 миллион сўмлик мукаммал таъмирлаш ишларини бажарган эди. Кейинги йилларда корхона А-380 Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнов трассасининг 520—553-километрларини, шунингдек М-37 Самарқанд-Ашхобод-Туркманбоши йўлининг 311—321-километрларини реконструкция қилди.

2013 йилги Инвестиция дастури доирасида Ўзбек миллий автомагистрали таркибидаги М-37 Самарқанд-Ашхобод-Туркманбоши ва А-380 Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнов халқаро йўлларидаги еттита объектда жами 30 километр йўл реконструкция қилинди, битта йўлўтказгич қуриб фойдаланишга топширилди. Бу ишларга сарфланган инвестицияларнинг умумий миқдори эса 66,1 миллиард сўмни ташкил этди.

Шунингдек, ўтган йили Республика йўл жамғармаси буюртмасига асосан, халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобил йўлларини тўла таъмирлаш режаси асосида 12 та объектда 5,3 километрлик йўл 10,102 миллиард сўмга тўлиқ таъмирдан чиқарилди. Вилоят ҳокимлиги буюртмасига асосан эса маҳаллий аҳамиятга эга умумий фойдаланилаётган автомобил йўлларида иккита кўприк бунёд этилиб, 0,717 километрлик автомобил йўли мукаммал таъмирланди.