Америкалик реппер Питбул YouTube тармоғига футбол бўйича 2014 йилги жаҳон чемпионатининг расмий мадҳиясини жойлаштирди. Мадҳия Женнифер Лопес ва бразилиялик хонанда Клаудия Лейтте иштирокида куйланган. Қўшиқ We Are One деб номланиб, ЖЧ—2014 қўшиқларининг альбомига киритилган.

Foto: postimg.org

Фото: postimg.org

Мадҳия YouTube’ га 7 апрель куни жойлаштирилган ва жуда қисқа муддатда 18 мингдан ортиқ томошабин томонидан кўрилган. Қўшиқда видео кетма-кетлик йўқ. Клипда ЖЧга бағишлаб куйланган барча қўшиқлардан иборат One Love, One Rhythm альбомининг муқоваси акс этиб туради холос.

ЖЧ—2014’нинг асосий мадҳиясидан ташқари, альбомдан Карлос Сантана, Уайклиф Жин, Рикки Мартин, Шакира ва бошқаларнинг ҳам қўшиқлари ўрин олган.

Питбул, Лопес ва Лейтте We Are One қўшиғини 12 июнь — ЖЧнинг Арена стадионидаги очилиш маросимида куйлаши белгиланган. Ушбу маросимдан сўнг Бразилия ва Хорватия терма жамоалари ўртасида ЖЧнинг илк ўйини бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, 2010 йилдаги ЖЧ мадҳиясини (Wаkа, Wаkа) колумбиялик қўшиқчи Шакира ижро этган эди.