Жаҳоннинг бокс бўйича энг оғир вазндаги собиқ чемпиони Майк Тайсон ўзи иштирок этиб, мухлисларига дастхат тарқатаётган тадбирдан чиқиб кетиши учун 12 нафар тансоқчи керак бўлди. Учрашув Нью-Йоркнинг савдо марказларидан бирида бўлиб ўтди. Унда, шунингдек, жаҳоннинг собиқ чемпионлари—Евандер Холифилд, Рей Леонард, Роберто Дюран ва Томас Хернс иштирок этди. Бу ҳақда Fightnews.com хабар берди.

Mayk Tayson. Foto: olamsport.com

Майк Тайсон. Фото: olamsport.com

Тадбирга тахминан 700 нафар киши ташриф буюрди. Тайсон билан эсдалик учун расмга тушишни хоҳловчилар 149 доллар тўлаши керак эди. Бундан ташқари, мухлисларга 2 минг доллар нархидаги ВИП-пакет ҳам таклиф этилди. Пакетни сотиб олган киши тадбирда иштирок этган беш нафар боксчи билан бирга вақт ўтказиш имкониятига эга бўлиши белгиланган эди.

Профессионал боксда Майк Тайсон жами 58 та жангни ўтказган бўлиб улардан 50 тасида ғалабага эришиб (44 та нокаут билан), 6 марта мағлубиятга учраган. Яна 2 та жанг ўтказилмаган деб тан олинган. Тайсоннинг сўнгги жангги 2005 йилнинг июнь ойида бўлиб ўтган. Ўша жангда Тайсон Кевин Макбрайдга техник нокаут билан мағлуб бўлган эди.

Нью-Йоркдаги тадбирга ташриф буюрган боксчиларнинг ичидан Майк Тайсон билан 2 марта жангга чиққан боксчи Эвандер Холифилд ҳисобланади. Леонард, Дюран ва Хернс анча енгил вазн тоифаларида рингга чиққан. 1996 йилда Холифилд Тайсонни техник нокаут билан мағлубиятга учратган. Реванш жангги 1997 йилда ўтказилган бўлиб, унда Тайсон рақибининг қулоғидан 2 марта тишлагани учун дисквалификация қилинган.