Apple компаниясининг узоқ кутилган «ақлли» соати – iWatch 2014 йилнинг учинчи чорагида савдога чиқарилади. Компания янги гаджетининг муваффақиятига шубҳа ҳам қилмайди, деб ёзади DigiTimes нашри.

Foto: hi-tech.mail.ru

Фото: hi-tech.mail.ru

Манбаларнинг таъкидлашича, iWatch’ни ишлаб чиқариш ишлари билан Quanta Computer шуғулланади, улар учун сенсор дисплейларни эса TPK холдинги ясаб беради. Соат учун процессор Apple инженерлари томонидан яратилади, аммо унинг ишлаб чиқарилиши асосий рақобатчи – Samsung’га топширилади.

Apple’нинг ҳисоб-китоби бўйича, iWatch қисмлари августдаёқ етказиб берилади ва йилнинг учинчи чорагидаёқ улар йиғилиб, бозорга чиқарилади. Янги маҳсулоти харидоргир бўлишига Америка hi-tech гигантининг ишончи комил: у шу йилнинг ўзида бозорга 65 миллион дона iWatch етказиб беришни режалаштирган.

Шу билан бирга, iWatch кузга ҳам қолмасдан, ёзнинг бошидаёқ – WWDC 2014 анжуманида намойиш этилади. Зеро, унинг учун дастурий таъминот ишлаб чиқарувчилар янги форматга тайёргарлик кўришлари даркор. Айрим норасмий маълумотларга кўра, ақлли соатнинг дисплейи 600×600 пикселли бўлади.

Ҳозирча маълум бўлгани шуки, қурилманинг экрани квадрат шаклида, дизайни эса iPod nano’га ўхшаш бўлади. iWatch дисплейи янгича турда бўлиб, атроф қоронғилаша боргани сари унинг ранги ҳам шунга мослаша боради.

iWatch 2014 йилнинг кузида тақдим этилиши ҳақида ўтган йилнинг охирларидаёқ хабарлар тарқалган эди.