Тошкентдаги «Телеметрик» компаниясида электрон спорт ахбороти таблолари ишлаб чиқарилмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Foto: igames9.com

Фото: igames9.com

2013 йили корхонада Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси буюртмасига асосан тайёрланган таблолар Самарқанд, Термиз, Навоий ва бошқа шаҳарлардаги стадионларга ўрнатилди, деб ёзади «Кун».

Корхона раҳбари Юрий Вюнникнинг сўзларига кўра, табло тўплами бошқариш, судья пультлари, клавиатуралар, компьютерлар, дастурлардан иборат. «Таблолар замонавий конструкция материаллари асосида энергиятежамкор ёруғлик диодли чироқлар асосида тайёрланади. Бу жиҳозларнинг узоқ муддат ва энергияни тежаган ҳолда ишлашини таъминлайди», – дея қўшимча қилди Вюнник.

Бугунги кунда 20 дан ортиқ мутахассис меҳнат қилаётган жамоада спорт ўйинларининг турига мос равишда турли ўлчам ва шаклдаги ёрқин таблолар тайёрланмоқда. Мисол учун, волейбол, баскетбол, теннис ўйинлари учун алоҳида, кураш, каратэ беллашувлари учун бошқа турдаги таблолар мавжуд. Айни кунда ёнғин хавфсизлиги спорт турларига мўлжалланган таблони тайёрлаш ва йиғиш борасида изланишлар олиб борилмоқда.

ЎзАнинг қайд этишича, бугунги кунда 120 турдаги спорт инвентарларининг 116 таси Ўзбекистондаги маҳаллий корхоналар томонидан тайёрланмоқда. Жумладан, Самарқанддаги «Стеклопластик», Андижондаги «Хўжаобод», Намангандаги «Машхим» корхоналари ўнлаб турдаги сифатли спорт анжомларини ишлаб чиқармоқда.