АҚШ атом қуролли сувости кемаларининг 60 фоиздан ортиғи Тинч океанига туширилган, улар Россия, Хитой ва Шимолий Кореяга қарши жанг бошлашга тайёр ҳолатда туришади. Исталган паллада 4–5 та сувости кемаси зудлик билан ядро ҳужуми уюштира олади. Бу ҳақда «Атомчи олимлар бюллетени» журналида эълон қилинган «АҚШнинг ядровий кучлари, 2014» маърузасида маълумот берилган, деб ёзади «Российская газета» нашри.

Foto: fakti.org

Фото: fakti.org

Машҳур америкалик экспертлар – Ханс Кристенсон ва Роберт Норрис томонидан тайёрланган ҳужжатда таъкидланишича, айни дамда АҚШда 7400 га яқин ҳар хил турдаги атом портловчи моддалари мавжуд. Улардан 2700 таси халқаро келишувларга мувофиқ йўқ қилишга тайёрланмоқда, 2530 таси сақлаб қўйилган, 2120 таси эса қурол-яроғлардадир. Шулардан 1152 таси сувости кемаларидаги қитъалараро ракеталарда, 470 таси – қуруқликдаги баллистик ракеталарда, 300 таси эса бомбардимончи самолётларда эканлиги маърузада маълум қилинган.

Кўриниб турибдики, АҚШ ядро қуролларини асосан сувости кемаларига жойлаштирган. Уларнинг ҳам 60 фоиздан кўпроғи Тинч океани ҳудудида патруллик фаолияти олиб боради. Бу эса зарур пайтда ядро уруши бошлаш, шунингдек, Хитой, Шимолий Корея ёки Россиянинг шарқий қисмига ядро зарбаларини беришга мўлжалланган, дейилади ҳужжатда.

Жанговар патруллик фаолиятига жами 12 та ядро қуролли сувости кемаси жалб этилган. Улардан 8–9 таси ҳамиша стратегик аҳамиятли ҳудудларда юради. 4–5 та сувости кемаси эса аввалдан белгилаб қўйилган нишонларга дарҳол ҳужум қилиш учун доимий жанговар шайликда туради.

Экспертларнинг огоҳлантиришларича, дунёда мавжуд ядро қуроллари сайёрадаги барча тирик мавжудотларга доимий таҳдид солиб туради.