2014 йилнинг 14—25 апрель кунлари Болгария пойтахти София шаҳрида бокс бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати баҳслари ўтказилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси хабар берди.

Foto: boxingbelarus.by

Фото: boxingbelarus.by

Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизматидан маълум қилинишича, мазкур жаҳон чемпионатида дунёнинг 105 давлатидан 600 нафардан зиёд спортчи (1996—1997 йилларда туғилган) 10 вазн тоифасида ғолиблик учун кураш олиб боради. Ушбу жаҳон чемпионати яна шу жиҳати билан аҳамиятлики, унда жорий йил Нанкин шаҳри (Хитой)да ўтказиладиган II ўсмирлар Олимпия ўйинларининг лицензиялари ҳам ўйналади.

Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Марат Қурбонов терма жамоа таркибига қуйидаги спортчиларни жалб қилган:

  • Сулаймон Латипов (-49 кг);
  • Абдулҳай Шораҳматов (-52 кг);
  • Шукуржон Раҳимов (-56 кг);
  • Иқболжон Холдоров (-60 кг);
  • Маҳмуд Ғоипов (-64 кг);
  • Бектемир Мелиқўзиев (-69 кг);
  • Козимбек Мардонов (-75 кг);
  • Обиджон Тоҳиров (-81 кг);
  • Раҳматилла Ғофуров (-91 кг);
  • Шоҳрухбек Эркинов (+91).

Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 11 апрель куни София шаҳрига йўл олади.