Россия Давлат миграция хизмати раҳбари Константин Ромодановский шанба куни Simферополда журналистлар билан бўлган суҳбатда 350 мингга яқин Қрим аҳолисидан Россия фуқаролигига ўтиш ҳақида аризалар келиб тушгани, бироқ ҳозирда 250 мингта паспорт тайёрланганини таъкидлаган. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар берди.

Foto: ria.ru

Фото: ria.ru

Ромодановскийнинг айтишича, Қрим федерал округи ҳудудида Россия паспортни олиш учун аризаларни қабул қиладиган 300 га яқин пункт ишлаб турибди. «Бир ҳафта аввал бундай пунктлар сони 150 та эди, биз уларнинг сонини мумкин қадар кўпайтирдик», — деди Миграция хизмати раҳбари. Миграция хизмати ҳисоб-китобларига кўра 1,5 миллиондан 1,7 миллионгача бўлган қримликлар Россия паспортини олиши керак. Унинг айтишича, ҳозирда кунига 20 минг дона паспорт тайёрланмоқда ва идора қонунда белгиланган муддатга қадар паспорт топшириш ишларини якунлашга улгуради.

Шунигдек, Ромодановский Қрим ва Севастополь аҳолисига паспорт тарқатиш жараёнлари яриморол Россия таркибига киритилган кундан бошлаб белгиланган 3 ойлик муддатдан кейин ҳам давом этишини маълум қилган. «Шубҳасиз, биз бу ишларни якунламаймиз. Турли сабаблар билан 3 ойлик муддат ичида паспорт ола олмаган аҳоли ундан кейин ҳам паспорт олиш учун мурожаат қилиши мумкин. Бунинг учун барча ҳуқуқий асослар мавжуд», — деди Ромодановский. Берилган хабарларга кўра, 3 мингга яқин Қрим ва Севастополь аҳолиси Россия фуқаролигини рад этишган.

Қримни Россия Федерацияси таркибига қўшилиши тўғрисидаги Битимга кўра, Россия паспортини олишни истамаган шахслар 18 апрелга қадар шу мазмундаги аризани топширишлари керак эди. Қрим Республикаси раҳбари вазифасини бажарувчи Сергей Аксёновнинг маълум қилишича, зарур бўлса бундай аризаларни қабул қилиш муддати узайтирилиши мумкин. «Ҳозирда бундай шахслар сони 3000 га яқин. Бу катта кўрсаткич эмас, ўйлайманки, аризалар сони кўпаймайди. Аксинча, ўз фикрини ўзгартирган шахслар ҳисобига камайиши мумкин», — деди Миграция хизмати раҳбари.

У ўз сўзини давом эттирар экан, Россия ҳукумати 2015 йилнинг 1 январига қадар бўлган ўтиш даври мобайнида Россия паспортини олишни истамаган фуқароларни рўйхатдан ўтмаганлик сабаби билан ҳеч қандай маъмурий жавобгарликка тортмаслигини маълум қилган. Қрим Республикаси ва Севастополь эса ана шу тоифадаги шахсларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш ва соғлиғини сақлаш мажбуриятини ўз зиммасига олган. Яриморолда доимий рўйхатда турмаган қримликлар эса суд қарори билан Россия фуқаролигини қўлга киритишлари мумкин.