Туркия ҳукумати Twitter микроблоглар хизмати эндиликда қоидаларга амал этаётганини маълум қилди, дея ёзмоқда Hurriyet Daily News. Нашрнинг хабар беришича, бу ҳақда Туркия бош вазири ўринбосари Бешир Аталай баёнот берган.

Foto: uznayvse.ru

Фото: uznayvse.ru

«Кун»нинг таъкидлашича, аввалроқ, бош қароргоҳи АҚШда бўлган ижтимоий тармоқ махфий маълумотларни сизиб чиқариш билан шуғулланган «Ҳарамзаделер» («Ҳаромзодалар») ва «Башчалан» («Бош қароқчи») аноним аккаунтларини блок қилган эди. Туркия раҳбариятининг маълум қилишича, ушбу аккаунтлар шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқини поймол этаётган эди.

«Телекоммуникация тармоқлари бўйича директорат Twitter’ни блок қилишга қарор қилганини яхши биласиз. Ўшанда биз Twitter Туркияга келиши, бизга мурожаат қилиши ва бизнинг суд даъволаримизни жиддий қабул қилиши кераклигини таъкидлаган эдик. Энди Twitter қоидаларга риоя қилмоқда», — дейди Аталай.

«Аслида Twitter бошқа мамлакатларда ҳам худди шу иш билан шуғулланади. Энди келажакда мамлакат бу масалада ҳеч қандай муаммоларни бошдан кечирмайди. Ушбу йўналишда бизда ижтимоий тармоқлар билан ҳеч қандай муаммо йўқ», – дея қўшимча қилди бош вазир ўринбосари.

Аввалроқ, мамлакат алоқа вазири Лутфи Элван Twitter Туркияда цензура қилинишини маълум қилган эди. Унинг хабар беришича, Туркия ҳукумати микроблоглар хизматидаги зарарли контентни «пикселизация» йўли билан йўқ қилиш борасида Twitter билан келишиб олган.