Ашхободда Отамурот Ниёзов – Туркманистоннинг собиқ президенти Сапармурот Ниёзов (Туркманбоши)нинг отасига қўйилган ҳайкал олиб ташланди. Бу ҳақда «Туркманистон хроникалари» хабар бермоқда.

Otamurot Niyozov haykali (arxiv). Foto: chrono-tm.org

Отамурот Ниёзов ҳайкали (архив). Фото: chrono-tm.org

Монумент Чехов кўчаси ёнидаги хиёбонга ўрнатилган эди. У 2001 йили тантанали равишда очилган, ҳайкалнинг очилишида президент Ниёзов ҳам иштирок этган эди. Ҳайкал нима сабабдан олиб ташлангани маълум қилинмаган. Нашрнинг қайд этишича, бир қатор маълумотларга кўра у Қипчоқ қишлоғига кўчирилган – Ашхобод остонасидаги ушбу манзилгоҳ Туркманбошининг она қишлоғи ҳисобланади, деб маълум қилади «Кун». Отамурот Ниёзов Иккинчи жаҳон уруши вақтида ҳалок бўлган. СССР парчаланиб, Туркманистон ҳокимияти тепасига Сапармурот Ниёзов келганидан сўнг Туркманистон қаҳрамони унвони билан тақдирланган эди. Туркманистон шарқидаги бир шаҳарга унинг номи берилган, 2004 йил эса Отамурот Ниёзов йили деб эълон қилинган эди. Сапармурот Ниёзов ўлимига қадар — 2006 йилгача Туркманистонга раҳбарлик қилган ва бу давр мобайнида мамлакатда унинг, шунингдек, унинг оила аъзолари шахсига сиғиниш шаклланган эди. Ҳокимият тепасига Гурбангули Бердимуҳамедов келганидан сўнг аввалги президент шахсига бўлган қизиқиш камайишни бошлади. Мамлакатда аввалги президент шарафига ўрнатилган ҳайкалларни олиб ташлаш бошланди. Мактабларда эса бунгача «муқаддас китоб» мақомига эга бўлган Ниёзовнинг «Руҳнома» асарини ўқитиш тўхтатилди. Шу билан бирга мамлакатда Бердимуҳамедов шахсига сиғиниш бошланди. Уни «Аркадаг» («Ҳомий») деб, унинг президентлик даврини эса «Куч-қудрат ва бахтиёрлик даври» деб аташ бошланди. Айни вақтда 2012 йили Изгант қишлоғида (Ахал вилояти)да президент отаси Маликгули Бердимуҳамедовга ҳаётлигида ҳайкал қўйилди. Аввалроқ эса Ашхободдаги ҳарбий қисмлардан бирига унинг номи берилган эди.