Жанубий Кореянинг «Севоль» пароми ҳалокати натижасида қурбон бўлганлар сони 104 тага етди. 22 апрель ҳолатига кўра, расмий маълумотлар шундай эканлигини Жанубий Кореянинг «Ренхап» агентлиги маълум қилган. Ҳозирда 198 киши бедарак йўқолганлар рўйхатида турибди.

Qutqaruv operatsiyasi. Foto: tinnong.vn

Қутқарув операцияси. Фото: тиннонг.вн

Қутқарув операцияси аввалгидек давом этмоқда. Ғаввослар душанба (21 апрель) куни 28, сешанба куни эрталаб эса 17 кишининг жасадини топишга муваффақ бўлган. Ҳозирда қидирув ишлари беш палубали кеманинг 3 ва 4-палубаларида давом этмоқда. Шунинг билан бирга, қутқарув гуруҳи ён-атрофдаги оқим ёрдамида олиб кетилган қолдиқларни излаш билан шуғулланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, «Севоль» пароми 16 апрель куни эрталаб Жанубий Корея соҳиллари яқинида чўкиб кетган эди. Кема бортида 476 киши сайрга чиққан бўлиб, уларнинг аксарияти Инчеон шаҳридан Чечжу оролига экскурсияга отланган мактаб ўқувчилари бўлган. Душанба куни олинган маълумотларга кўра, ҳалок бўлган мактаб ўқувчиларидан бири Россия фуқароси эканлиги аниқланган.

Бугунгача 174 киши қутқарилган, экипаж капитани ва аксарият аъзолари шулар жумласидандир. 68 ёшли капитан Ли Чжун Сокка низомга хилоф равишда ҳалокат пайтида бортни биринчилардан бўлиб тарк этганлиги учун айблов эълон қилинган.