Ўзбекистоннинг биринчи рақамли теннисчиси Денис Истомин Руминия пойтахти Бухарест шаҳрида ўтказилаётган ATP BRD Nastase Tiriac Trophy халқаро турнирининг яккалик баҳсларида чорак финалга чиқди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати.

Denis Istomin. Foto: apiainternational.com.au

Денис Истомин. Фото: apiainternational.com.ау

Биринчи босқичда бразилиялик Томас Белуччини 7:6, 7:6 натижаси билан мағлуб этган Истомин, иккинчи даврада мезбонлар вакили Адриан Унгурни 4:6, 6:0, 6:3 ҳисобида енгди.

Энди Денис Истомин ярим финал йўлланмаси учун Робин Хаасе (Голландия) билан куч синашади. Лолалар юрти вакили нимчорак финалда россиялик Михаил Южнийни 6:3, 6:3 ҳисобида мағлубиятга учратди.

Бугун, 25 апрель куни Истомин чехиялик шериги Лукаш Росол билан бирга жуфтликлар мусобақасида ярим финал йўлланмаси учун Эрик Буторак (АҚШ)/Равен Клаасен (ЖАР) дуэтига қарши кортга чиқади.