2014 йилнинг 22 апрель куни Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида КБС (Корея телерадиоэшиттириш) компанияси делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди, деб ёзади UzReport.

Foto: koreilbo.com

Фото: koreilbo.com

Унда Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Элчихонаси иккинчи котиби Пак Инсонг иштирок этди.

Учрашувда томонлар 2013 йил 22 августда имзоланган «Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ва Корея телерадиоэшиттириш тизими — КБС ўртасида ҳамкорлик тўғрисида»ги Меморандум доирасида аудиовизуал контент алмашинувини кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва тажриба алмашиш масалалари бўйича ўзаро фойдали ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари мавзусида музокара олиб борди.

Жумладан, КБС компаниясининг Кореяда оммабоп бўлган «Концерт майдончаси» телекўрсатувини биргаликда суратга олишнинг ташкилий-техник имкониятлари муҳокама қилинди.

Корея делегацияси томонидан берилган маълумотга кўра, жорий йилда Тошкентда Корея эстрада хонандалари иштирокида Корея ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик ҳамда ҳамкорликка бағишланган концерт ташкил этиш режалаштирилмоқда. Шу муносабат билан, ташкилий-техник масалаларни ҳал қилиш орқали томонларнинг суратга олиш ишларини ташкил этиш имкониятлари тўғрисида ўзаро фикр алмашилди.

Учрашув давомида Ўзбекистон вакилларининг таклифини инобатга олган ҳолда, КБС компанияси вакиллари жорий йил 15—16 май кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган «Ўрта асрлар Шарқ олим ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизацияда тутган ўрни ва аҳамияти» мавзусидаги халқаро илмий конференцияда қатнашиши ва ёритиши, ҳамкорликда ўрта аср мутафаккирларининг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган ҳужжатли фильмни суратга олиш ҳамда Ўзбекистон МТРК томонидан ишлаб чиқарилган ҳужжатли фильмни КБС компаниясининг телеканалларида намойиш этиш имкониятлари билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.