Мафтункор хонанда Шаҳзода «Геолог. Ажалдан кучлироқ» илк ўзбек блокбастер фильми учун рус тилида куйлаган «Мало ли» саундтреки видеоклипини тақдим этди. Бу ҳақда Popcorn.uz хабар берди.

Shahzodaning “Malo li” videoklipidan lavha. Foto: popcorn.uz

Шаҳзоданинг «Мало ли» видеоклипидан лавҳа. Фото: popcorn.uz

Warner Music компанияси томонидан тайёрланган видеоклип премьераси YouTube интернет хостинг хизматининг Wow TV каналида намойиш этилди.

Клип Мухлиса Азизова режиссёрлиги остида Дилмурод Турдибоев томонидан суратга олинган.

Эслатиб ўтамиз, Шаҳзода ижросидаги «Мало ли» таронаси матни муаллифи Клименко Иван, мусиқа ва аранжировка эса Лео К тахаллуси билан машҳур бўлган Алавердашвили Кахабери Тимурович томонидан яратилган. Уларнинг ҳар иккаласи ҳам украиналик ижодкорлардир. Мазкур саундтрекка ишланган видео монтажи билан ҳам россиялик мутахассислар шуғулланган.

Таъкидлаш жоиз, ўзбек ижодкорлари томонидан яратилган ўткир сюжетли «Геолог. Ажалдан кучлироқ» картинаси премьераси май ойига мўлжалланган. Фильмда ўтган асрнинг 60 йиллари ҳикоя қилинади.