Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида эркин, юнон-рум ва аёллар кураши бўйича ўтказилаётган Осиё чемпионатида ўзбекистонлик Элмурод Тасмуродов қаторасига иккинчи марта қитъа чемпионатининг олтин медалига сазовор бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Elmurod Tasmurodov. Foto: olympic.uz

Элмурод Тасмуродов. Фото: olympic.uz

Вазни 59 килограммгача бўлган полвонлар мусобақасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Элмурод саралаш баҳсларида Қозоғистон, Жанубий Корея ва Қирғизистон терма жамоаси аъзоларини енгиб, ҳал қилувчи финал беллашувида япониялик Шинобу Отани мағлуб этди.

Таъкидлаш жоиз, Элмурод Тасмуродов 2013 йили ўтказилган Осиё чемпионатида олтин медалга, жаҳон чемпионатида эса бронза медалга сазовор бўлган эди.

Юнон-рум кураши бўйича ўтказилаётган мусобақаларда иштирок этган яна бир ўзбекистонлик Рустам Ассакалов (-85 кг) эса финалга қадар кечган беллашувларни ғалаба билан якунлаб, кумуш медаль совриндори бўлди.

Бугун, 28 апрель куни юнон-рум курашчиларимиздан Бобирбек Зайлобидинов (-66 кг), Бесики Салдадзе (-75 кг), Жаҳонгир Мўминов (-80 кг), Жаҳонгир Турдиев (-98 кг) ва Аброр Мамасолиев (-130 кг) ғолиблик учун баҳс юритади.

Ҳозиргача чемпионатда Ўзбекистон делегацияси томонидан қўлга киритилган медаллар сони 5 тага етди. Эслатиб ўтамиз, юнон-рум кураши полвонларига қадар эркин курашчиларимиз Фурқат Фармонов (-65 кг), Ихтиёр Наврўзов (-70 кг) ва Рашид Қурбонов (-86 кг) бронза медалларга сазовор бўлди.