2014 йилнинг 24—27 апрель кунлари Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган «Аллюр» от спорти клубида конкур – тўсиқлар оша сакраш бўйича жаҳон кубогининг Марказий Осиё лигаси биринчи босқич мусобақалари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Foto: O‘zA

Фото: ЎзА

Халқаро от спорти федерацияси ҳомийлигида Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси ҳамда Республика от спорти федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақада юртимиз вакиллари билан бирга Қозоғистон ва Қирғизистондан келган жами 40 нафарга яқин чавандоз ғолиблик учун куч синашди.

Мусобақада ўзбекистонлик Ғайрат Назаров 75,14 сония натижа билан иккинчи ўринни банд этди. Ғолиблик эса белгиланган масофани роппа-роса 74 сонияда босиб ўтган қирғизистонлик Ринат Галимовга насиб этди. Учинчи ўринни эса қозоғистонлик Олег Попеляев эгаллади.

Жамоалар ўртасида ўтказилган «Миллатлар кубоги» мусобақасида барча терма жамоалар бир хил натижани қайд этишгани боис, ғолиб жамоа қўшимча мусобақада маълум бўлди. Яъни ҳар бир терма жамоадан биттадан спортчи иштирокида мусобақа ўтказилиб, унда энг юқори натижани қайд этган қозоғистонлик чавандоз ўз терма жамоасига ғалаба келтирди. Мусобақада иккинчи ўринни Ўзбекистон терма жамоаси эгаллаган бўлса, Қирғизистон вакиллари учинчи ўринга сазовор бўлди.

Жаҳон кубогининг Марказий Осиё лигаси иккинчи босқич мусобақалари 22—25 май кунлари Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида ташкил этилади. Якуний учинчи босқич баҳслари эса 1—5 июль кунлари Қозоғистоннинг Остона шаҳрида ўтказилади.

Ўзбекистонда ўтказилган «Жаҳон кубоги—2014» Марказий Осиё лигаси биринчи саралаш босқичи доирасида турли ёшдаги чавандозлар иштирокида бир қатор мусобақалар ҳам ўтказилди.

Жумладан, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси соврини учун жами 31 нафар чавандоз иштирокида бўлиб ўтган мусобақада Бекзод Рўзимуҳамедов биринчи ўринни эгаллади.

Баландликка сакраш бўйича бўлиб ўтган мусобақада эса ҳамюртимиз Темур Содиқов «Терол Лимуза» лақабли отида 2 метр 30 сантиметр баландликни забт этиб, Ўзбекистон рекордини ўрнатди. Бу борада жаҳон рекорди 2 метр 47 сантиметрни ташкил этади.