Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Севара Назархон Россия Биринчи каналидаги «Точь-в-точь» («Худди ўзгинаси») шоусининг тўққизинчи турида опера қўшиқчиси Анна Нетребко қиёфасида саҳнага чиқди. Бу ҳақда 12news.uz хабар берди.

Sevara Nazarxon Anna Netrebko qiyofasida. Foto: sahro.net

Севара Назархон Анна Нетребко қиёфасида. Фото: sahro.net

Навбатдаги босқичда Севара «Жанни Скикки» операси репертуаридан, 1918 йилда италиялик бастакор Жакомо Пуччини томонидан ёзилган O mio babbino caro ариясини ижро этди.

Ҳакамлар ҳайъати аъзоси, дунё операси юлдузи, мусиқа фанлари доктори, профессор Любовь Казарновская Севарани дадиллиги учун мақтади, бироқ унинг чиқишини 4 баллга баҳолади. Леонид Ярмолник ва Анна Ардова ҳам худди шундай баҳо қўйди. Фақатгина комедия актёри Александр Ревва Севаранинг чиқишини аъло даражада, деб баҳолади. Бетараф ҳакам — актёрлик маҳорати бўйича ўқитувчи Данила Дунаев ўзбек хонандасига 5 балл қўйди ва Севара 22 очко билан 10-ўринни эгаллади.

Эслатиб ўтамиз, Севара Назархон мазкур шоунинг биринчи раундида 23 очко билан бешинчи ўринни, иккинчи босқичида 21 очко билан тўққизинчи ўринни, учинчи турида 25 балл тўплаб, тўртинчи ўринни эгаллаган эди. Тўртинчи раундда Севара Дмитрий Колдун ва Ирина Дубцова билан бир хил — 24 балл, бешинчи босқичда 23 балл, олтинчи ва еттинчи турларда 24 баллдан, шунингдек, махсус саккизинчи турда 25 балл тўплаган эди.