Тошкентда дзюдо кураши бўйича «Паралимпия кубоги» учун очиқ турнир ўтказилди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати.

Foto: olympic.uz

Фото: olympic.uz

Мусобақада Тошкент шаҳри ва вилояти, шунингдек, Бухоро, Хоразм, Навоий, Сурхондарё, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятидан келган жами 84 нафар спортчи 13 вазн тоифасида ғолиблик учун беллашди.

Эркаклар ўртасида бўлиб ўтган муросасиз беллашувлар якунларига ўз вазн тоифаларида Шерзод Намозов (-60 кг, Бухоро), Ўткир Неъматов (-66 кг, Самарқанд), Феруз Саидов (-73 кг, Сурхондарё), Салохиддин Жўраев (-81 кг, Тошкент шаҳри), Шуҳрат Бобоев (-90 кг, Тошкент шаҳри), Исломиддин Машаев (-100 кг, Тошкент шаҳри), Одилжон Тулендибоев (+100 кг, Тошкент шаҳри) барча рақибларини мағлуб этиб, олтин медалга сазовор бўлди.

Хотин-қизлар ўртасида бўлиб ўтган мусобақаларда бухоролик Умида Ўринова (-48 кг), Дилноза Бегиева (-52 кг), Дилнавоз Ражабова (-57 кг), Сожида Савриева (+70 кг), шунингдек, хоразмлик Юлдуз Эркаева (-63 кг) ва Гулрух Раҳимова (-70 кг) шохсупанинг энг юқори поғонасидан ўрин эгаллади.

Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси матбуот хизматидан олинган маълумотга кўра, дзюдо кураши бўйича сўнгги саралаш мусобақаси 18—24 октябрь кунлари Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида ўтказиладиган ПараОсиё ўйинлари олдидан Америка Қўшма Штатларида ўтказилади ва ушбу мусобақа якунларига кўра қитъа ўйинларига йўлланма олган дзюдо усталарининг номи маълум бўлади.