«Ўзбеккино» миллий агентлигининг 2014 йил биринчи чораги якунларига бағишланган кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда агентлик сайти хабар берди.

Foto: uzbekkino.uz

Фото: uzbekkino.uz

Мажлисда ҳужжатли фильмлар ишлаб чиқаришда жиддий камчиликлар мавжудлиги кўрсатиб ўтилди.

Йил бошидан бери «Ўзбеккино» миллий агентлигига турли киностудиялардан 19 та ҳужжатли фильм сценарийси келиб тушган. Шулардан саккизтаси агентлик бадиий кенгаши қарори билан ишга туширилди, тўрттаси қайта ишлашга тавсия этилди ва еттитаси белгиланган талабларга жавоб бермагани сабабли рад этилди. Рад этилган сценарийларнинг аксарияти, яъни бештаси «Ўзкинохроника» студиясига тегишли экани қайд этилди.

Йиғилишда таъкидланишича, кинотармоқнинг аҳолига хизмат кўрсатиши ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 2,3 фоизга, агентлик тизимидаги корхона ва ташкилотларники эса 1,1 фоизга ўсган бўлса-да, давлат маблағлари эвазига ишланган фильмларни вилоятлар, айниқса, туманларда аҳолига намойиш қилиш борасида ижобий силжишга эришиш ниҳоятда қийин бўлмоқда. Бунинг объектив сабабларидан бири аввал мавжуд бўлган кинотармоқ йўқ бўлиб кетгани бўлса, бошқаси республикадаги кўплаб кинотеатрларнинг хусусийлаштириб юборилганидир.

Аввалроқ, агентлик мутахассислари республикадаги, мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча кинотеатрларнинг аҳволини мониторинг қилиб чиққанида 241 та мавжуд кинотеатрдан атиги 97 таси ўз фаолияти билан шуғулланаётгани, 144 таси эса умуман ишламаётгани аниқлангани хабар қилинган эди.

Бундан ташқари, мажлисда ҳукуматнинг вилоятлардаги кинотеатрлар қошида «Ёшлар марказлари»ни ташкил этиш борасидаги топшириғини бажаришга масъул бўлган Қорақалпоғистон Республикасининг «Қорақалпоқкино» агентлиги, Сирдарё, Тошкент, Андижон вилоятлари бўлимлари сусткашликка йўл қўяётгани алоҳида таъкидлаб ўтилди ва уларнинг раҳбарлари огоҳлантирилди.