2014 йил 15 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қишлоқ хўжалигининг машинасозлик корхоналарини бошқаришни янада такомиллаштириш ва молиявий соғломлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори қабул қилинди. Қарорнинг тўлиқ матни ЎзА томонидан эълон қилинди.

Foto: O‘zA

Фото: ЎзА

Қарорда қишлоқ хўжалигининг машинасозлик корхоналари фаолиятини бошқаришни янада такомиллаштириш, уларнинг самарадорлиги ва рентабеллигини ошириш, соҳада ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, агросаноат комплекси учун замонавий, унумдорлиги юқори, ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош техника ва ускуналар ишлаб чиқаришни ташкил этишга қаратилган ягона техника сиёсатини амалга ошириш бўйича вазифалар белгиланган.

Қарорга кўра, Ўзбекистонда «Ўзагросаноатмашхолдинг» компанияси ташкил этилади. Компаниянинг асосий вазифалари: ички ва ташқи бозорларда маркетинг тадқиқотлари ўтказиш, эҳтиёжга мувофиқ қишлоқ хўжалиги учун турли русумдаги техника ва механизация воситаларини ишлаб чиқариш ва етказиб беришни мувофиқлаштириш, маҳсулотлар турини кенгайтириш ва экспорт қилиш ҳажмини оширишдан ташкил топади.

«Ўзагросаноатмашхолдинг» компаниясининг ташкилий тузилмаси ва унинг бошқарув ходимлари чекланган сони 35 кишидан иборат бўлади.

Бошқарув раиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда холдинг компанияси акциядорлари умумий йиғилишининг қарорига биноан тайинланиши белгиланди.

«Ўзагросаноатмашхолдинг» компаниясининг бошланғич низом жамғармаси компанияга мустақил баҳолаш ташкилоти томонидан белгиланган қийматда бериладиган давлат акция пакетлари ва улушлари ҳисобидан шакллантирилади.

Холдинг компаниясига тушган маблағларни соҳага оид инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга йўналтириш шарти билан компания акциялари пакетининг камида 51 фоизини давлат тасарруфида сақлаб қолган ҳолда, акциялар қўшимча эмиссиясини амалга оширишга рухсат берилади.

Бундан ташқари, «Тошкент трактор заводи» очиқ акциядорлик жамияти қонунчиликда белгиланган тартибда тугатилиб, унинг ўрнига тракторлар, тиркама ва пахта териш машиналари ишлаб чиқаришга мўлжалланган «Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи» ташкил этилади.

«Агрегат заводи»да ишлаб чиқариладиган маҳсулот турлари «Чирчиққишлоқмаш» очиқ акциядорлик жамиятининг ишлаб чиқариш майдонларига босқичма-босқич кўчирилади. Улар негизида осма ва тиркамали қишлоқ хўжалиги техникасининг замонавий турларини ишлаб чиқаришни ўзлаштириш бўйича «Чирчиқ қишлоқ хўжалиги техникаси заводи» ташкил этилади ҳамда «Чирчиққишлоқмаш» очиқ акциядорлик жамияти қонунчиликда белгиланган тартибда тугатилади.

Қарорга мувофиқ, «Ўзагросаноатмашхолдинг» компанияси 2019 йилнинг 1 январигача «Тошкент трактор заводи» ва «Чирчиққишлоқмаш» очиқ акциядорлик жамиятларини тугатиш жараёни ниҳоясига етгач, компанияга бериладиган ер участкалари ва мулк бўйича ер солиғи ҳамда мулк солиғидан озод этилади.