Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Севара Назархон Россия Биринчи каналидаги «Точь-в-точь» («Худди ўзгинаси») шоусининг 11-турида рус фолк-рок ижрочиси Пелагея қиёфасида саҳнага чиқди. Бу ҳақда 12news.uz хабар берди.

Pelageya qiyofasidagi Sevara Nazarxon. Foto: “Vkontakte” / СЕВАРА НАЗАРХАН

Пелагея қиёфасидаги Севара Назархон. Фото: «Вконтакте» / СЕВАРА НАЗАРХАН

«Точь-в-точь»нинг навбатдаги босқичида Севара Пелагеянинг «В горнице» деб номланган таронасини ижро этди.

Ҳакамлар ҳайъати аъзолари Леонид Ярмолник ва Геннадий Хазанов Севаранинг чиқишига аъло баҳо қўйди. Ўзбек хонандасини Любовь Казарновская тўрт балл, Максим Аверин эса уч балл билан баҳолади. Кейинроқ, бетараф ҳакам Филипп Киркоров Севара ижросини тўрт баллга лойиқ, деб топди ва у жами 21 балл тўплади.

Таъкидлаш жоиз, Севара Назархон 2013 йил июлда Москвадаги «Эрмитаж» боғида бўлиб ўтган Pole-Music халқаро фестивалида Пелагея билан ўзбек тилида дуэт куйлаган эди.

Эслатиб ўтамиз, Севара Назархон мазкур шоунинг биринчи раундида 23 очко билан бешинчи ўринни, иккинчи босқичида 21 очко билан тўққизинчи ўринни, учинчи турида 25 балл тўплаб, тўртинчи ўринни эгаллаган эди. Тўртинчи раундда Севара Дмитрий Колдун ва Ирина Дубцова билан бир хил — 24 балл, бешинчи босқичда 23 балл, олтинчи ва еттинчи турларда 24 баллдан, шунингдек, махсус саккизинчи турда 25 балл, тўққизинчи раундда 22 балл, 10-босқичда эса 25 балл тўплаган эди.