Германия Федератив Республикаси канцлери Ангела Меркель ҳар йили Американинг Forbes журнали томонидан тузиладиган дунёнинг энг нуфузли аёллари рейтингида яна етакчилик қилди. Бу ҳақда «ИТАР-ТАСС» хабар берди.

3746399

Фото: itar-tass.com

Рейтингнинг иккинчи поғонасини АҚШ Федерал захира фонди раиси Жанет Йеллен эгаллади, у рўйхатга бу йил биринчи марта киритилди. Учинчи ўринда ҳамон Microsoft корпорацияси асосчиси Билл Гейтснинг рафиқаси — Мелинда бормоқда, у оилавий хайрия фонди раисдоши ҳисобланади. Бразилия президенти Дилма Роуссеф ўтган йилги иккинчи поғонадан бу йил тўртинчи ўринга тушиб қолди. Энг нуфузли аёллар юқори бешлигини Халқаро валюта жамғармаси директори Кристин Лагард якунлади.

Рейтингнинг энг ёш иштирокчиси 28 ёшли қўшиқчи Леди Гага бўлса, 88-ёшли Буюк Британия қироличаси Елизавета II рўйхатдаги энг кекса аёл бўлди.

ГФР канцлери энг нуфузли аёллар рейтингини 2004 йилдан буён саккизинчи бора бошқармоқда.