Ўзбекистонда 1 июлдан олий таълим муассасаларининг магистратура бўлимлари учун қабул жараёнлари бошланди, дея хабар беради «Кун» ҳуқуқшунос Хушнудбек Худайбердиев маълумотига таяниб.

Foto: kun.uz

Фото: kun.uz

2014 йилда Ўзбекистон ОТМларининг магистратура бўлимлари учун қабул квоталари ўтган йилгига қараганда 1,3 минг ўринга қисқартирилган.

Ўтган йили 6,3 минг нафар магистр қабул қилинган бўлса, 2014 йилда ОТМларга 5 минг нафар магистр, шундан 1 минг 548 нафари давлат гранти, 3 минг 452 нафари эса тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиниши белгиланган.

Қабул квотаси сони бўйича ОТМлар рейтингида Ўзбекистон Миллий университети биринчи бўлди — бу ОТМ 2014/2015 - ўқув йилида 436 нафар магистрни қабул қилади. Ундан кейинги ўринларни Тошкент тиббиёт академияси (299 нафар), Токшкент давлат техника университети (296 нафар), Тошкент давлат иқтисодиёт университети (266 нафар), Тошкент кимё-технология институти (221 нафар) эгаллаган.

Шунингдек, жорий ўқув йилида Тошкент ирригация ва мелиорация институти Бухоро филиали учун магистратура бўлими очилди ва 12 нафар талаба қабул қилиши белгиланди.

Маълумот учун, 2013/2014 - ўқув йилида магистратура бўлимига кириш имтиҳонлари ўтказилиш жараёнига бир қатор ўзгартиришлар киритилган. Хусусан, бўлажак магистрлар чет тилидан имтиҳон топширишлари керак бўлади.