2014 йил июнь ойининг сўнгги кунларида Тошкент метрополитени вагонларида тижорий рекламалар пайдо бўлди. Хусусан, «Чилонзор» йўналишида ҳаракатланувчи поездларнинг ҳар вагонларида камида тўрттадан тижорий реклама пайдо бўлган, дея хабар беради «Кун».

Foto: wikipedia.org

Фото: wikipedia.org

Кузатувларга кўра, ҳозирча Тошкент метрополитени вагонларига Pepsi, Lipton Ice Tea, Dewell савдо белгилари, шунингдек, простатит ва геморройга қарши дори воситалари рекламалари жойлаштирилган. Айни вақтда, уларнинг сони ҳар вагонга ўрнатилган ҳушёрлик ва огоҳликка чақирувчи ижтимоий реклама ва метрополитен харитаси сони билан деярли тенг.

«Кун»нинг ёзишича, аввалроқ, май—июнь ойлари давомида «Чилонзор», «Пахтакор» каби бир қатор метро бекатларининг ўтиш, кириш-чиқиш жойларида тижорий рекламалар пайдо бўлгани ҳақида хабар берилган эди. Маълум бўлишича, ҳозирги вақтда бир неча реклама агентликлари Тошкент метросига реклама жойлаштириш хизматларини таклиф қилмоқда.

Тошкент метрополитенидаги рекламалар 2011 йил апрелда оммавий равишда олиб ташланиб, уларнинг ўрни эса йўловчиларни огоҳлик ва ҳушёрликка чақирувчи шиорлар ва ижтимоий реклама билан тўлдирилган. Кейинроқ, ушбу қарор йўловчилар метрода рекламаларга чалғиб, шубҳали буюм ва шахсларга эътибор бермай қолишларини олдини олиш ва хавфсизликни кучайтириш мақсадида қабул қилингани айтилган.

Метрополитенга тижорий рекламаларни қайтариш қарори нима сабабдан қабул қилингани тўғрисида ҳозирча расмий изоҳ ёки муносабат билдирилганича йўқ. Қайд этиш жоиз, метрополитендан тижорий рекламалар олиб ташлангандан кейинги давр мобайнида барча бекатларга, шунингдек, баъзи йўналишдаги барча поездларнинг вагонларига кузатув камералари ўрнатиб чиқилди ва, ўз-ўзидан, метродаги хавфсизлик даражаси нисбатан ошди.