Америкаликларнинг учдан бири (33 фоизи) мамлакатнинг ҳозирги давлат раҳбари Барак Обамани Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг ёмон АҚШ президенти деб ҳисоблайди. Бу ҳақда, Куиннипиак университети томонидан ўтказилган сўров натижаларига асосланиб, Agence France-Presse ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Barak Obamaning Nelson Mandela bilan xayrlashuv marosimidagi mojarolari selfisi. Foto: kun.uz

Барак Обаманинг Нелсон Мандела билан хайрлашув маросимидаги можаролари селфиси. Фото: kun.uz

Айни вақтда, респондентларнинг 45 фоизи агар 2012 йилги президентлик сайловларида Митт Ромни ғалаба қозонганида, вазият яхшироқ бўларди, деган фикрда. Сўровноманинг 38 фоиз иштирокчиси бу фикрга қўшилмаган, деб ёзади «Кун».

Американинг сўнгги 70 йилдаги энг ёмон президентлари рейтингида иккинчи ўрин кичик Жорж Бушга берилган. Унга респондентларнинг 28 фоизи овоз берган.

Сўровномага кўра, 1981—1989 йилларда АҚШга раҳбарлик қилган Роналд Рейган даврнинг энг яхши президенти дея тан олинган. У 35 фоиз овоз тўплаган. Ундан кейинги ўринларда Билл Клинтон (18 фоиз) ва   1963 йилда ўлдирилган Жон Кеннеди (15 фоиз) бормоқда.

Экспертларнинг фикрича, ички ва ташқи сиёсатда юзага келган можаролар Обаманинг обрўсини тушириб юборган.

Қайд этиш жоиз, яқинда Gallup ташкилоти томонидан ўтказилган тадқиқот ҳам деярли шундай натижаларни тақдим этган эди — унга кўра, Обама америкаликларнинг ярмидан кўпини ишончидан чиққан.

АҚШнинг 44-президенти ҳисобланган Барак Обама илк бор 2009 йили сайланган. 2012 йили эса иккинчи президентлик муддатига сайланган.