Туркия бош вазири Ражаб Тайип Эрдўғон АҚШ президенти Барак Оабама билан бошқа гаплашмаслигини билдирди. У Сурия ва Ғазо секторидаги вазиятлар юзасидан пайдо бўлган келишмовчилик туфайли Америка етакчиси билан телефонда суҳбатлашишдан воз кечди. Сўнгги пайтларда Вашингтон ва Анқара ўртасида ушбу масалалар бўйича зиддият кучайиб кетди, деб ёзади Vesti.ru.

Obama meets with Erdogan in the Oval Office at the White House in Washington

Фото: usasabah.com

Туркия Сурия президенти Башар Асадга нисбатан қаттиққўллик билан муносабатда бўлиб, суриялик жангариларни қўллаб-қувватламоқда. АҚШнинг Суриядаги низоларга ҳарбий аралашувдан бош тортганини турк ҳукумати «хоинлик» деб баҳолади.

Шунингдек, Эрдўғон АҚШ Исроилга кўмак бераётганини танқид қилди ва Ғазо секторида фаластинликлар ўлдирилаётганини «геносид» деб атади.

«Авваллари тўғридан-тўғри Обамага мурожаат қилар эдим. Бироқ Сурия бўйича кутган натижаларимни кўрмаётганим учун, энди у билан ташқи ишлар вазири музокаралар олиб боради», — деди Эрдўғон Туркиянинг АТВ телеканалига берган интервьюсида.

Эрдўғон ва Обама ўртасидаги сўнгги телефон суҳбати 20 февраль куни бўлиб ўтган. Унинг айтишича, Америка вице-президенти Жо Байден билан алоқани узгани йўқ ва тез-тез телефонлашиб туради.