Россия ва МДҲ давлатларида етакчи телекоммуникация оператори «МТС» ОАЖ ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида муроса битими имзоланди. Унга кўра, Компания давлат иштирокидаги қўшма корхона доирасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мобил алоқа хизматини кўрсатиш бўйича ўз фаолиятини тиклашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда «МТС» компанияси матбуот хизмати хабар берди.

Foto: kommersant.ru

Фото: kommersant.ru

Муроса битимига кўра қўшма корхонанинг 50,01 фоиз ҳиссаси «МТС»га, қолган 49,99 фоизи Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси қошидаги Давлат унитар корхонасига тегишли бўлади.

Қўшма корхона ўз фаолиятини «МТС» компаниясининг Ўзбекистондаги собиқ шўба корхонаси «Уздунробита» ҚК МЧЖга тегишли бўлган мулк, жиҳозлар, частоталар ва инфратузилма асосида олиб боради.

«Кун»нинг қўшимча қилишича, томонлар яқин вақт ичида муроса битимида кўзда тутилган барча процедураларни якунлаб, 2014 йил охирига қадар мобил алоқа тармоғини тижорий фойдаланишга топширишни режалаштиришмоқда.

Муроса битимига асосан, Ўзбекистон ҳукумати «МТС»га 2G/3G/LTE тармоқлари учун лицензиялар, зарурий частота диапазонлари, рақамлар сиғимини тақдим этади, алоқа каналлари ижараси билан таъминлайди, Ўзбекистондаги фаолият учун зарур бўлган барча рухсатномаларни беради.