«Металлинвест» ва Mail.ru Group компаниялари эгаси Алишер Усмонов 2013 йилда хайр-эҳсон учун 194 миллион доллар сарфлаб, барча россиялик тадбиркорлар ичида хайрия қилган энг сахий инсон деб топилди. Бу ҳақда Blooomberg агентлигига таяниб, «РИА Новости» хабар бермоқда.

Alisher Usmonov. Foto: ria.ru

Алишер Усмонов. Фото: ria.ru

2013 йилда тадбиркорнинг хайр-эҳсон учун ажратган маблағи 2012 йилга нисбатан 25,9 фоизга ўсган. Бу унинг «Поколение» («Авлод») гуманитар жамғармаси раҳбари ва «Металлинвест»нинг бошқа бир эгаси Андрей Скоч (хайрия учун 66 миллион доллар ажратган) ҳамда Polyus Gold олтин ишлаб чиқариш компанияси эгаси Сулаймон Керимовни (62 миллион доллар) ортда қолдириб, биринчи поғонани эгаллашига сабаб бўлди.

Sulaymon Kerimov. Foto: ria.ru

Сулаймон Керимов. Фото: ria.ru

Рўйхатдан, шунингдек, Renova Group директорлари кенгаши раиси Виктор Вексельберг (51 миллион доллар), «Норильский никель» тоғ-металлургия компанияси бош директори Владимир Потанин (39 миллион доллар), «Северсталь» компанияси бош директори Алексей Мордашов (29 миллион доллар), ONEXIM Group эгаси Михаил Прохоров (25 миллион доллар) ҳамда тадбиркор Геннадий Тимченко ва «Система» молиявий акциядорлик корпорацияси асосчиси Владимир Евтушенков (иккови 21 миллион доллардан) жой олди.

Mixail Proxorov. Foto: ria.ru

Михаил Прохоров. Фото: ria.ru

Хайрия учун пул ажратган кишилар рўйхатини тадбиркор Олег Дерипаска (18 миллион доллар), «Лукойл» нефть компанияси президенти Вагит Алекперов (12 миллион доллар) ва мазкур компания вице-президенти Леонид Федун (11 миллион доллар) якунлаган.

Vagit Alekperov. Foto: ria.ru

Вагит Алекперов. Фото: ria.ru

Bloomberg агентлиги россиялик 25 нафар тадбиркордан сўров ўтказганда, улардан 12 нафари хайрия харажатлари ҳақида гапириб беришга розилик билдирган.

2013 йилда россиялик тадбиркорлар жами 548 миллион долларга тенг хайрия ишларини амалга оширган. Бу 2012 йилги кўрсаткичдан 12 фоизга кўпроқни ташкил этди.

Эслатиб ўтамиз, 2012 йилги рейтингни тадбиркор Роман Абрамович (111 миллион доллар) бошқарган эди. Бу йил у ўзининг 2013 йилда хайр-эҳсон учун ажратган маблағи ҳақида маълумот беришни лозим топмади.

Roman Abramovich. Foto: ria.ru

Роман Абрамович. Фото: ria.ru

Charities Aid Foundation хайрия ташкилотининг Россиядаги бўлинмаси раҳбари Мария Черток «Агар Россия иқтисодиёти кескин пасайса, улар (тадбиркорлар) хайр-эҳсоннинг мазкур даражасини сақлаб қола олмайди», — деб қайд этди.