Мадридда Эбола безгагидан вафот этган испаниялик руҳоний Мигел Пахарес хотирасига ибодат бўлиб ўтди. 75 ёшли руҳоний хавфли касалликни Либерияда юқтирган. Шифокорлар уни АҚШдан келтирилган синовдаги зардоб билан даволамоқчи бўлишган, бироқ у касалликни енга олмаган.

Foto: msf.org

Фото: msf.org

Euronews ёзишича, безгак Испанияда тарқалиб кетмаслиги учун марҳумнинг жасадини ёрмасдан куйдиришган.

Кот-д’Ивуарда Эбола тарқалишини тўхтатиш мақсадида Гвинея, Либерия ва Сьерра-Леоне авиарейсларининг мамлакатга кириши тақиқлаб қўйилди.

Германия ҳукумати тезкор тартибда ўз фуқароларини ушбу давлатлардан чақириб олмоқда. Мазкур талаб дипломатик миссия ходимлари ва шифокорларгагина тегишли эмас.

Эбола безгаги қурбонлари сони мингдан ошиб кетди, яна икки мингга яқин киши касалликни юқтириб олган. Энг кўп қурбонлар Гвинея, Либерия ва Сьерра-Леонеда қайд этилган.

Маълумот учун, Эбола безгаги қон, турли ажралма (тер, йиринг каби)лар, шунингдек, беморнинг заҳарланган буюмлари орқали юқиб, ўлимга олиб келиши мумкин. Ҳозирча мазкур касалликка қарши даво воситасини ишлаб чиқиш борасидаги ҳаракатлар самара бермади.