Украинадаги жанглар ва Ғарб санкциялари фонида Россия раҳбарияти ҳаракатларининг жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланиш даражаси тобора ошиб бормоқда, дея хабар берди BBC.

Vladimir Putin. Foto: polit.ru

Владимир Путин. Фото: polit.ru

Россия жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази хабарига кўра, россияликларнинг 63 фоизи Владимир Путиннинг Украинага нисбатан хатти-ҳаракатларини маъқуллайди. Левада маркази (Юрий Леваданинг таҳлил маркази) маълумотларига қараганда, мамлакатнинг 82 фоиз аҳолиси президент учун овоз беришга тайёр. Бироқ экспертлар бундай кўрсаткичларнинг кузгача сақланиб қолишига шубҳа қилмоқда.

«Независимая газета» ёзишича, сўнгги ярим йил ичидаги воқеалар Путиннинг рейтингига ижобий таъсир ўтказган. Булар аввало, Путиннинг шахсий лойиҳаси сифатида баҳоланган Сочи Олимпиадаси ва ватанпарварлик ҳиссини қўзғатган Қримнинг қўшилиш воқеаларидир.

Бироқ рейтинг билан боғлиқ вазият йил давомида ўзгариши тахмин қилинмоқда. Сиёсатшунос Николай Петров таъкидлашича, вазият икки хил сабабга кўра ўзгаради. «Биринчидан, Украина шарқидаги низолар эртами-кечми бартараф бўлади — одамлар Кремл қандай қилиб бўлса ҳам айирмачиларни қўллаб-қувватлаб тура олмаслигини тушунади. Бироқ обрўни йўқотмай туриб ёрдам беришдан бош тортиб бўлмайди. Иккинчидан, ҳозирча санкциялар ва уларга жавоб жамоатчилик томонидан Путин сиёсатининг ‘зўр’лиги сифатида қабул қилинмоқда. Аммо кузга келиб, улар оддий россияликларнинг чўнтагига зарар етказа бошлайди ва унда ватанпарварлик шиорлари билан вазиятни тўғрилаб бўлмай қолади», — деди у.