Малайзия ҳукумати раҳбари ўринбосари Муҳиддин Ёсиннинг маълум қилишича, Украина шарқида ҳалокатга учраган «Боинг» қурбонлари хотирасига бағишланган мотам маросими Малайзияда 22 август куни ўтказилади. Бу ҳақда New Straits Times газетасига таяниб, «РИА Новости» хабар бермоқда.

Halokatga uchragan samolyot. Foto: ria.ru

Ҳалокатга учраган самолёт. Фото: ria.ru

Аввалроқ Малайзия Бош вазири Нажиб Раззоқ авиаҳалокат қурбонларининг биринчи жасадлари ватанига келтирилган кунда бутун мамлакат бўйича ҳукумат томонидан мотам эълон қилинишини айтган эди.

Бош вазир ўринбосари Муҳиддин Ёсиннинг таъкидлашича, ҳалокатга учраган лайнер бортида бўлган 15 нафар йўловчининг жасади Малайзияга 22 август куни маҳаллий вақт билан эрталаб 10:00 атрофида келтирилади.

Ёсиннинг сўзларига кўра, ҳозирга қадар авиаҳалокат қурбонлари орасида жами 24 нафар малайзияликнинг жасади аниқланган.

Эслатиб ўтамиз, Амстердам — Куала-Лумпур йўналишида парвоз қилган Малайзиянинг «Боинг-777» самолёти 17 июль куни Донецк вилоятига қулаган. Лайнер бортида бўлган 298 нафар кишининг барчаси ҳалок бўлган.