Кузда бўлиб ўтадиган референдум якунлари бўйича Шотландия мустақилликка эришса, бу мамлакатдан ядро қуролларини олиб чиқиб кетиш Британия ҳукуматига 2,5 миллиарддан 3,5 миллиард фунт стерлинггача (4,2—5,9 миллиард доллар) тушиши мумкин. Бу ҳақда Қироллик мудофаа тадқиқотлари бирлашган институтига таяниб, ИТАР-ТАСС хабар берди.

Foto: “ITAR-TASS”

Фото: ИТАР-ТАСС

Буюк Британиянинг бутун ядро потенциали сув ости кемаларига жойлашган бўлиб, улар сақланадиган ягона жой Шотландиядаги Клайд базасидир. У мамлакатнинг ғарбий қирғоқларида, Глазгодан тахминан 40 км узоқликда жойлашган. У ерда Буюк Британиянинг ядро қалпоқчали Trident баллистик ракеталари билан қуролланган тўртта атом сувости кемалари сақланади.

Бироқ Шотландияда мустақиллик тарафдорлари ғолиб чиққан тақдирда ушбу мамлакат ядродан холи ҳудуд деб эълон қилинади ва чекланган вақт ичида Лондон ўз ядро қуролларини ҳудуддан олиб чиқиб кетиши керак бўлади. Аввалроқ бу деярли бажариб бўлмайдиган ва Британия ҳукуматига ўн миллиардлаб долларга тушадиган вазифа деб саналган эди, бироқ Қироллик мудофаа тадқиқотлари бирлашган институти тақдим этган маъруза бу фикрни рад этди.

Ҳужжат муаллифлари бошқа бир муаммо — вақт муаммоси борлигини таъкидлаган. Уларнинг фикрича, ядро қуролини нисбатан безарар равишда кўчириб ўтказиш янги авлод атом субмариналари орқалигина амалга оширилиши мумкин, бу эса 2028 йилдан сўнггина рўй бериши кутилмоқда.

Бундан ташқари, ядро қуролини деактивация қилиш ва чиқариб кетиш, шунингдек ҳудудни ва сувни тозалаш учун камида ўн йил талаб қилиниши таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, 2014 йил 18 сентябрда шотландияликлар умумхалқ референдумининг (муҳим давлат масаласини ҳал қилиш учун у тўғрида умумхалқ фикрини олиш) «Шотландия мустақил давлат бўлиши керак, деб ўйлайсизми?» саволига жавоб бериши керак бўлади.

1707 йилдан буён Англия билан қонуний тузилган иттифоқда бўлган Шотландия 1997 йилда чекланган автономияга эга бўлган эди. 1999 йилдан унинг ҳудудида ўз парламенти ва ижро этувчи ҳукумати фаолият олиб бормоқда. Бироқ уларнинг ваколати асосан таълим, маданият, соғлиқни сақлаш, транспорт, атроф-муҳит муҳофазаси ва шунга ўхшаш соҳалар билан чегараланган. Шунингдек, Шотландия ўз суд тизимига ҳам эга.