АҚШ махсус хизматлари автоматик режимда, инсон назоратисиз, киберҳужумларни аниқлаш ва уларга жавоб зарбасини беришга қодир компьютер дастурини ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақда Америка махсус хизматлари собиқ ходими Эдвард Сноуден Wired журналига берган интервьюсида айтиб ўтди, деб ёзади ИТАР-ТАСС.

Foto: “ITAR-TASS”

Фото: ИТАР-ТАСС

Сноуденнинг айтишича, дастур MonsterMind («Махлуқ идроки») деб ном олган бўлиб, жавоб зарбаларини бериш хусусияти уни бошқа дастурлардан ажратиб туради. Сноуден таъкидлаганидек, назоратсиз ишлаш имконияти уни хавфли воситага айлантиради, чунки бунда айбсизлар ҳам зарар кўриши мумкин.

Эдвард Сноуден MonsterMind’нинг кишилар шахсий ҳаётига аралашиш хавфини ҳам яратишини айтди. Ушбу дастур ишлаши учун АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги (МХА) АҚШ фуқароларининг мамлакатдан ташқаридаги барча алоқа каналлари устидан махфий кузатув имконини қўлга киритиши керак бўлади.

«Таъкидланишича, зарарли ахборот оқимларини аниқлаш ва уларга жавоб бериш учун маълумотлар оқими таҳлил қилиниши керак, — деди Сноуден. — Уларни таҳлил қилиш — ордерсиз шахсий суҳбатларни тинглаш билан АҚШ конституциясидаги  (ўзбошимча тинтув ва ҳибсни тақиқловчи) тўртинчи тузатиш бузилади.

Сноуден билан интервью Москвада бўлиб ўтди. Wired мухбири махсус хизматлар собиқ ходими билан суҳбатга уч сутка сарфлади. МХА вакиллари Сноуден баёнотига нисбатан изоҳ билдиришдан бош тортди.