Россия томонидан БМТ Хавфсизлик Кенгашига киритилган, Украина шарқида ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги баёнот лойиҳаси блоклаб қўйилди. Бу ҳақда Россия Федерациясининг БМТдаги доимий вакили Виталий Чуркинга таяниб, ИТАР-ТАСС хабар берди.

Foto: kvedomosti.com

Фото: kvedomosti.com

«Россия делегацияси томонидан таклиф қилинган баёнот жиддий бўлмаган сабаб остида блоклаб қўйилди», — деди дипломат. Унинг сўзларига кўра, «бир қатор аъзоларининг вайронкор уринишлари натижасида, Хавфсизлик Кенгаши Украинадаги тангликни ҳал қилишда ўз ролини бажара олмади».

БМТ Хавфсизлик Кенгаши учрашуви чоғида Литва доимий вакили Раймонда Мурмокайте Россия томонидан тайёрланган ҳужжат лойиҳасида «баъзи муҳим масалалар акс этмаган»ини, жумладан, «айирмачилар Украина ҳукумати томонидан гуманитар ёрдам берилишига тўсқинлик қилаётгани» келтирилмаганлигини айтди.

Россиянинг ариза лойиҳасида Донбассда ёмонлашиб бораётган вазият юзасидан жиддий хавотир билдирилган. У «ўт очишни дарҳол ва тўла тўхтатиш»га, шунингдек 2014 йил 17 апрелдаги Женева баёноти ва 2014 йил 2 июлдаги Берлин декларацияси асосида музокаралар бошлашга чақиради. Ҳужжатда шунингдек, «Украинанинг Донецк ва Луганск вилоятлари аҳолисига гуманитар ёрдам тақдим этиш бўйича кучларни кўпайтириш» зарурияти кўрсатилади.

Бироқ ҳужжатда Донбассдаги вазиятни ҳал этиш бўйича амалий чоралар келтирилмаган.