Америка ҳукумати Москва томонидан рад қилинаётган бўлса-да, Россия қўшинлари Украина жануби-шарқидаги жанговар ҳаракатларда бевосита иштирок этгани ҳақидаги маълумотни тасдиқламоқда. Бу ҳақда АҚШ ҳукуматидаги расмий шахсларга таяниб CNN телеканали хабар берди.

Foto: Associtaed Press

Фото: Associated Press

Америка разведкаси томонидан олинган сўнгги маълумотлар жанубий Украина ҳудудига минг нафаргача Россия ҳарбийлари кириб, низоларда қатнашаётганини кўрсатган.

«Минг нафар — бу анча босиқ ҳолда берилган баҳо, — дея Америка разведкаси маълумотларини изоҳлади NATO офицери. — Уларнинг ортида жуда кўплаб Россия кучлари турибди».

Korrespondent.net ёзишича, аввалроқ Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа хизмати Россия қўшинларининг Донецк вилояти жанубидаги қатор аҳоли пунктларини босиб олганини хабар қилган эди. Шу муносабат билан Украина президенти Туркияга ташрифини бекор қилди ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг фавқулодда мажлиси ҳақида эълон қилди.

Ўз навбатида, Россиянинг Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотидаги вакили Андрей Келин Украинада ҳеч қандай Россия қўшинлари ва ҳарбий техникалари йўқлигини маълум қилди.