18 сентябрь куни АҚШ президенти Барак Обама Украина президенти Пётр Порошенкони Оқ уйда қабул қилади, дея хабар берди Korrespondent.net.

Foto: armytimes.com

Фото: armytimes.com

Учрашув давомида президентлар Украина шарқидаги вазиятни дипломатик тарзда тартибга солишга йўналтирилган ҳаракатларни муҳокама қилади. Оқ уй расмий сайтида ёзилишича, ташриф Украинанинг ўз суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш учун олиб борадиган курашида АҚШнинг кўмак беришини тасдиқлайди.

АҚШнинг Украинадаги элчиси Жеффри Пайет ҳам ўз Твиттерида бўлажак ташриф ҳақидаги хабарни тасдиқлаб, пост қолдирди.

Аввалроқ Барак Обама ўзининг украиналик ҳамкасби Пётр Порошенко сентябрда Оқ уйга келишини айтган, бироқ бунинг қайси санада содир бўлиши ҳақида хабар берилмаган эди. Шу билан бирга, Обама Украинадаги тангликни бартараф этишда АҚШнинг ҳарбий аралашувини истисно қилган эди.

Нашрнинг эслатишича, Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа хизмати Россия қўшинларининг Донецк вилояти жанубидаги қатор аҳоли пунктларини босиб олганини хабар қилган эди. Шу муносабат билан Украина президенти Туркияга ташрифини бекор қилди ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг фавқулодда мажлиси ҳақида эълон қилди.

Ўз навбатида, Россиянинг Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотидаги вакили Андрей Келин Украинада ҳеч қандай Россия қўшинлари ва ҳарбий техникалари йўқлигини маълум қилди.