11 сентябрь куни «Матбуот тарқатувчи» акциядорлик компанияси Ўзбекистон алоқа тарихи музейида «Босма ОАВлари тизимини ривожлантиришга қаратилган чораларни бажариш, обуна нархларини пасайтириш ва кўрсатилаётган хизматлар сифатини оширишга йўналтирилган вазифаларни амалга ошириш» мавзусига бағишланган матбуот анжуманини ўтказди. Бу ҳақда UzReport ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Foto: uz.infocom.uz

Фото: uz.infocom.uz

Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси ходимлари, «Матбуот тарқатувчи» акциядорлик компанияси ва ОАВлари вакиллари иштирок этди.

Анжуманда «Матбуот тарқатувчи» компаниясининг асосий вазифаларини бажариш мақсадида ишлаб чиқилган 2011—2014 йиллар учун вақтли матбуотни тарқатиш соҳасини ривожлантириш дастури бўйича белгиланган муддат давомида мамлакатдаги 737 матбуот дўконлари таъмирлангани, 218 тасида қайтадан таъмирлаш ишлари олиб борилгани қайд этилди. Шунингдек, аҳолиси зич турар жойларда янги турдаги 128 та, пойтахтнинг марказий кўчаларига эса 85 та янги замонавий матбуот дўкончаси ўрнатилгани таъкидланди.

Соҳани ривожлантириш ва пластик карточкаларни жорий қилишни кенгайтириш дастури талабларидан келиб чиқиб, компания томонидан савдо тармоғига 270 банк терминаллари харид қилиниб, ўрнатилди.

Шунингдек, ўқувчилар учун қулайлик яратиш мақсадида «Матбуот» дўкончаларида обуна билан боғлиқ хизмат кўрсатиш ишлари ташкиллаштирилди. Натижада обуна хизматини тақдим этадиган матбуот дўкончалари сони 840 га етказилди.

Ахборот-телекоммуникация технологиялари ютуқларидан фойдаланган ҳолда «Матбуот тарқатувчи» ўзининг akmt.uz сайтида компаниянинг барча вақтли матбуоти билан танишиш имконини берувчи махсус дастурни ишга туширди. Шу билан бир қаторда газета ва журналларга обунани исталган ердан амалга ошириш учун онлайн расмийлаштириш шароити яратилди.

Бундан ташқари, тадбирда ўқувчилар обуна учун тўловни Websum тизими, интернет-банкинг ва Click тизими орқали амалга ошириш имконига эга эканлиги қайд этилди.