Бир неча ўн йиллаб давом этган, C гепатитини даволашнинг энг яхши усулларини излаш ишлари ўз якунига етмоқда, деб ёзади «Оммабоп механика» нашри. Шу йил АҚШ Озиқ-овқат ва дори-дармон сифати устидан назорат бўйича бошқармаси (FDA) янги Sovaldi препаратини тасдиқлаши кутилмоқда. Pharmasset фармацевтика компаниясининг ушбу препарати дунёда 170 миллион кишига азоб бераётган ва ҳар йили 350 минг беморни ҳаётдан олиб кетаётган C гепатитини даволашга қодир.

Foto: popmech.ru

Фото: popmech.ru

У Gilead компаниясига тегишли софосбувир ва ледипасвир каби иккита дори бирикмасидан иборат. Таъкидлаш жоиз, Sovaldi’нинг бир дона ҳапдориси минг доллар, тўлиқ 12 ҳафталик даволаниш курси эса 84 минг долларга тушади.

Дорининг бундай баланд нархи Американинг қатор суғурта компаниялари ва кўплаб шифокорларида норозилик уйғотди. АҚШдаги Жон Хопкинс университетининг инфекцион касалликлар бўлими директори Дэвид Томас фикрича, C гепатитига қарши дорининг қимматбаҳолиги бутун дунёда соғлиқни сақлаш тизими ривожланишига тўсиқ бўлади.

C гепатитини даволашнинг стандарт усули иммун тизимининг энг кучли оқсилларидан бири — интерфероннинг синтетик варианти ҳамда вирусга қарши препарат — рибавиринни қабул қилишдан иборатдир. Бу усул вируснинг генотипига қараб, беморларнинг 25 фоиздан 75 фоизгача бўлган қисмига ёрдам беради, бироқ қўшимча асоратлар қолдириб, сурункали чарчоқ, депрессиянинг кучли шакллари ва анемияни келтириб чиқаради. Sovaldi эса камида 94 фоиз беморларни тузатди, айтиб ўтилган асоратлар эса синов вақтида кузатилмади.