Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи Александр Мочинов Қувайт устидан қозонилган ғалабадан сўнг, матбуот анжуманига яхши кайфиятда кириб келди. Мураббий анъанавий тарзда рақибга миннатдорчилик билдиришни ёддан чиқармади, деб хабар бермоқда Uff.uz.

Matbuot anjumanidan. Foto: uff.uz

Матбуот анжуманидан. Фото: uff.uz

«Биз гуруҳ босқичидаги иштирокимизни муваффақиятли якунладик. Бундан жуда хурсандмиз. Жамоамиз учун гуруҳда биринчи ўринни эгаллаш жуда муҳим эди. Рақиб астойдил қаршилик кўрсатди. Қувайт плей-оффга чиқиш имкониятини бой бериб бўлган эди, шу сабабли улар ҳеч қандай босимсиз тўп сурди. Қувайт мусобақадан ҳеч бўлмаса бир очко олиб кетишни истаган эди», — деди Александр Мочинов.

Мураббий рақиб жамоа жуда чиройли ўйин намойиш қилгани учун уларга, шунингдек, у ерга ташриф буюриб, қўллаб турган барча мухлисларга миннатдорчилик билдирди: «Биз ўз уйимизда ўйнагандек бўляпмиз. Ғалабаларимизда мухлисларнинг ҳам ҳиссаси катта».

У иккинчи бўлим олдидан шогирдларидан эътиборни кучайтиришни сўраганини айтди: «Бизда бу иллат аввалдан бор. Бу ўйинда ҳам яна бир бор эътиборсизлик панд берди. Жамоамиз ғалаба қозонишига шубҳа қилмасдим, аммо эътиборсизлик туфайли бир эмас, иккита гол ўтказиб юбордик. Танаффус вақтида футболчиларимдан охирига қадар ўйнашни сўрадим».

Мочинов кейинги ўйинда таркибда ўзгаришлар бўлишини айтди: «Таркибда футболчилар етарли. Ҳар бир ўйинда чарчаганларга дам беришга ҳаракат қиляпмиз. Келаси ўйин олдидан шифокорлар билан маслаҳатлашиб, таркиб танлаймиз. Тиббий кўрик натижаларидан келиб чиқиб, баъзи ўзгаришлар қилишимиз мумкин».

Шунингдек, у бугунги икки гол ҳам, мусобақа давомида ўтказиб юборилган бошқа голлар ҳам жуда оддий вазиятларда киритилганини қайд этди. «Бу бизнинг энг асосий камчилигимиз бўлиб турибди. Албатта, биз келгуси ўйинга қадар икки кун давомида бу борада бир қатор ишларни олиб боришни режалаштириб қўйганмиз. Насиб қилса, чорак финалда бундай муаммо бўлмайди. Барча футболчилар катта иштиёқ билан майдонга тушади», — деди мураббий.

«Бу ерда ҳамма жамоалар кучли. Осиё чемпионатида бошқача бўлиши ҳам мумкинмас. Агарда Эронга қарши ўйнашга тўғри келганда, шунга мос тайёргарлик олиб борардик. Бошқа рақибга тушдикми, демак уни ҳам ўрганиб чиқамиз. Биз шундай ўйнашимиз керакки, рақиб танлашга ҳожат ҳам қолмасин», — дея фикрини якунлади Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи.