Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 11 сентябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этиш учун Тожикистон пойтахтига келди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.

Foto: trend.az

Фото: тренд.аз

Ислом Каримов саммитга ШҲТда кузатувчи мақомидаги мамлакат раҳбари сифатида ташриф буюрган Эрон Ислом Республикаси Президенти Ҳасан Руҳоний билан учрашди. Томонлар турли соҳалардаги ўзаро муносабатларнинг бугунги ҳолатини муҳокама қилди; бу алоқаларни, хусусан, савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан фикр алмашди.

Транспорт-коммуникация соҳаси ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишидир. 2011 йилда Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Уммон темир йўл коридорини ишга тушириш бўйича битим имзолангани бунга мисол бўла олади. Таъкидлаш жоизки, трансминтақавий транспорт коридорини очишга қаратилган (иштирокчи мамлакатлар томонидан ўз вақтида илгари сурилган лойиҳа деб баҳоланган) бу ташаббус Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган. Ушбу лойиҳа Марказий Осиё, Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатлари ўртасидаги ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтиришга хизмат қилади.

Экспертларнинг фикрича, мазкур лойиҳа иқтисодий жиҳатдан катта салоҳиятга эга. Янги бозорларга чиқишнинг бундай қулай йўли бошқа мамлакатлар, хусусан, Хитой ва Россия учун ҳам манфаатли бўлиши мумкин.

Ўзбекистон раҳбари 12 сентябрь куни ШҲТга аъзо мамлакатлар Давлат раҳбарлари кенгашининг 14-мажлисида иштирок этади.