Қора денгизнинг шимоли-ғарбий қисмидаги Sea Breeze 2014 — Украина ва АҚШ ҳарбий кемаларининг биргаликдаги ҳарбий ўқув машқлари якунланди, дея хабар бермоқда Korrespondent.net Украина мудофаа вазирлиги матбуот хизматига таяниб.

Foto: korrespondent.net

Фото: korrespondent.net

Хабар берилишича, манёврларда иштирок этган Украина кемалари доимий базасига қайтиб келган.

Машғулотлар чоғида томонлар ҳаво ҳужуми ва ракета ҳужумига қарши мудофаа, денгиз авиацияси кўмагида сувости кемасига қарши курашни машқ қилди.

Манёврлар давомида шунингдек, аввалдан белгилаб қўйилган ҳудудларда фуқаро кемалари қатнови устидан назорат, қоидабузар кемаларни қидириш ва аниқлаш бўйича ўқув машқлари ўтказилди. Бундан ташқари, парашют-десант қутқарув гуруҳини тушириш орқали қидирув-қутқарув операцияси машқи ҳам олиб борилди.

Ҳарбий ўқув машқлари «Тинчлик учун шериклик» дастурига мувофиқ ҳамда Украина ва АҚШ мудофаа вазирликлари ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик дастури асосида бўлиб ўтди.