IHS тадқиқотчилари iPhone 6 смартфонида ишлатилган қисмлар нархини ҳисоблаб чиқди. Бу LookAtMe маълумотига асосланиб «Пароль» нашри хабар берди.

Унга кўра, iPhone 6 смартфонининг таннархи 200–247 доллар бўлса, iPhone 6 Plus’нинг таннархи эса 216–263 долларни ташкил этади. Бу нархлар гаджетнинг турли хил ички хотира турларига қараб ўзгаради. IHS тадқиқотчиларининг фикрича, iPhone 6’нинг таннархи iPhone 5s’дан кўра 5 доллар қиммат.

Foto: LookAtMe

Фото: LookAtMe

Қуйида iPhone 6 смартфонлари учун ишлатилган қисмларнинг нархлари билан танишишингиз мумкин:

  • iPhone 6 дисплейи – 45 доллар;
  • iPhone 6 Plus дисплейи – 52 доллар;
  • Apple Pay тўлов тизимининг ишлашига хизмат қиладиган NFC чип – 22 доллар;
  • А8 процессори ва М7 копроцессори – 20 доллар;
  • 16 Гб хотира – 15 доллар;
  • Камера – 11—13 доллар;
  • Аккумулятор (батарея) – 4—5 доллар.

Бундай ҳолатда Apple компанияси сотилган iPhone 6 смартфонининг 16 гигабайт хотирали туридан 69 фоиз, 128 гигабайт хотирали туридан эса 70 фоиз фойда кўради. Шунингдек, Apple iPhone 5s’нинг сотилган нархидан 69 фоиз, iPhone 5c’дан 68 фоиз, iPhone 2G’дан эса 55 фоиз фойда кўрган.

Эслатиб ўтамиз, iPhone 6 смартфони Apple Store интернет-дўконида 649–849 доллар, iPhone 6 Plus эса 749–949 доллардан сотилмоқда. Ўзбекситонда iPhone 6 смартфонининг 16 гигабайт хотирали тури 20 сентябрдан бошлаб 5,5 миллион сўм нархда сотила бошлаган.