Буюк Британиянинг Нанитон шаҳарчасидаги дўконда синов муддатини ўтаётган 15 ёшли ўқувчи қиз зерикиб ва тезроқ уйга жавоб беришларини хоҳлаб, ёнғин уюштирди. Бу ҳақда Mirror’га таяниб, «РИА Новости» хабар бермоқда.

Foto: Fotolia

Фото: Fotolia

Мазкур воқеа жорий йилнинг 8 июль куни содир бўлди. Бу вақтда ўқувчи қиз синов муддати ўтаётган Wilko дўконида харидор кўп бўлган. Ўқувчига маҳсулотларни токчаларга жойлаштириш вазифаси юклатилган. Бироқ қиз бу ишдан тезда зериккан ва раҳбарият унчалик ҳам аҳамиятли бўлмаган ёнғин билан машғул бўлиб, ишдан эрта жавоб бериши учун бўш қутининг бир бурчагини ёндирган. Бироқ қутилар тезда ёниб кетиб, ёнғин бутун хонага, сўнг эса дўконга тарқалган.

Аланга бешта ёнғин ўчириш бригадаси томонидан бартараф этилган. Ҳеч ким жабрланмаган.

Куни кеча мазкур иш юзасидан суд бўлиб ўтиб, унда прокурор харидорлар ва ходимлар ўз вақтида эвакуация қилинмаганда, уларнинг кўпчилиги қурбонга айланиши эҳтимоли бўлганини қайд этди. Ўз айбига иқрор бўлган ўқувчи қиз эса ҳеч кимга зарар етказишни истамаганини таъкидлади.

Маълум қилинишича, ёнғин натижасида дўконга етган зарар бир миллион фунт стерлинг (тахминан 1,6 миллион доллар)ни ташкил этган.

Ўқувчи қиз ҳар қандай савдо муассасаларига фақат катталар ҳамроҳлигида киришга, таъмирланган Wilko дўконига эса 100 метрдан яқинроқ келмасликка ваъда бериб, гаров эвазига озод этилди.