Гонконг марказида Хитойнинг махсус маъмурий ҳудуди ҳукумати раҳбарлигига эркин сайловлар ўтказилишини талаб қилаётган минглаб намойишчилар 10 октябрь, жума куни қайта тўпланди. Уларнинг кўпчилиги норозилик акцияси узоқ давом этишини ҳисобга олган ҳолда чодир ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан ташриф буюрди, деб хабар бермоқда Korrespondent.net.

Foto: Reuters

Фото: Reuters

Reuters агентлиги маълум қилишича, намойишларнинг қайта бошланишига Гонконг ҳукуматининг акция иштирокчилари билан музокара олиб боришдан бош тортгани сабаб бўлган.

Шунга қарамай, расмий сафар билан Берлинда бўлиб турган ХХР Давлат кенгаши Бош вазири Ли Кэцян Гонконг ҳукуматига ишонч билдирди. Унинг сўзларига кўра, «махсус маъмурий ҳудуд ҳукумати шаҳар аҳолисини уларнинг соғлиғи ва мулкларга зарар етишидан ҳимоя қилади».

Аввалроқ намойишчилар вазиятга Хитой хавфсизлик кучлари қўшилишидан хавфсираётган эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Гонконг маъмурияти раҳбари Ли Чженьин шаҳар кўчаларида давом этаётган намойишларни душанбагача тўхтатишни талаб қилиб, намойишчиларни мактаблар ва ҳукумат муассасаларининг фаолияти қайта йўлга қўйилиши учун барча зарур чоралар кўрилиши билан огоҳлантирган эди.

Гонконг аҳолисининг ҳаммаси ҳам бу намойишларни қўллаб-қувватламаяпти. 2 октябрь куни ҳукуматни қўллаб-қувватлаб 100 минг киши намойишга чиққан, улар «Биз ҳам демократлашувни истаймиз, лекин тинч йўл билан» мазмунидаги шиорларни кўтариб олган.