Россия Америка илтимос қилиб қолса, Халқаро космик станция (ХКС)га зарур юкларни тезкорлик билан етказишга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда «Роскосмос» вакили Алексей Красновга таяниб «РИА Новости» хабар бермоқда.

Foto: Associated Press

Фото: Associated Press

Россия томони юк ташувчи сифатида «Прогресс» сериясидаги кемалардан фойдаланишни таклиф қилди.

Красновнинг бундай баёноти яқинда орбитага ХКС учун юк олиб чиқиши керак бўлган АҚШнинг Antares элтувчи ракетасининг портлаб кетгани билан боғлиқдир.

«Биз ҳар йили тўртта кема учирамиз, зарур бўлса, бешинчисини ҳам ишга туширишимиз мумкин», — деди Краснов.

АҚШ Шарқий соҳиллари вақти билан 28 октябрь куни 18:22 да (Тошкент вақти билан 29 октябрь 3:22 да) Уоллес оролидаги космодромдан Antares элтувчи ракетаси учирилди, бироқ бир неча сония ўтмасдан у портлаб кетиб, ерга қулаб тушди.