Венгрияда давлат томонидан интернетга қўйилган солиққа қарши навбатдаги намойиш бўлиб ўтди. Ўн минглаб киши Венгрия кўчаларига чиқди, деб хабар берди ТАСС.

Foto: EPA

Фото: EPA

Энг катта норозилик намойиши Будапешт шаҳри марказида бўлиб ўтди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар у ердаги митингда минглаб киши қатнашганини маълум қилди. Улар марш билан шаҳар бўйлаб юриб, парламент биноси қаршисида тўхтаган. Йирик намойишлар Дёр, Печ, Дебрецен ва Сегед шаҳарларида ҳам бўлган.

Бу турдаги акция биринчи марта Будапештда 26 октябрь, якшанба куни бўлган эди. Ўша пайтда, эътирозчилар ҳукуматга 48 соат ичида бу қарордан воз кечиш шартини қўйган эди.

Қонун лойиҳасига кўра, фойдаланувчи кўчириб олинган ҳар бир гигабайт учун 150 форинт (0,5 евро) солиқ тўлаши керак. Сешанба куни Венгрия парламентида қонунга тузатиш киритиш ва солиқ даражасини сўнгги қийматини қайд этиш бўйича таклиф ҳақида сўз юритилган бўлса-да, бу навбатдаги норозилик намойишини бартараф қила олмади.

Энг юқори чегара жисмоний шахслар учун ойига 700 форинт (2,27 евро), юридик шахслар учун эса 5 минг форинт (16,19 евро) ташкил этиши назарда тутилган. Бош вазир Виктор Орбан бошчилигидаги «ФИДЕС» партияси ишлаб чиққан қонун лойиҳаси бўйича парламентда овоз бериш 18 ноябрда бўлиб ўтиши режалаштирилган.