Россиянинг Омск вилояти ҳакамлар суди якка тадбиркор, Spring фирмаси хўжайини Олег Цирикидзенинг Coca-Cola компаниясига қарши даъвосини қондирди, дея хабар бермоқда «Коммерческие вести».

Foto: “TASS”

Фото: ТАСС

Бизнесмен Америка компаниясидан ичимлик идиши дизайни плагиати айблови бўйича даъволашув давомида кетказилган суд харажатлари бадали сифатида 280 минг рубль олади.

2013 йилда Coca-Cola Цирикидзенинг корхонаси устидан судга шикоят қилиб, у ишлаб чиқараётган «Царский бочонок» квас ичимлиги идиши Coca-Cola идишининг шаклини такрорлаётганини айтган. Ҳар иккала ичимлик идишини солиштириб кўргач, Омск вилояти арбитраж суди даъвони қондиришдан бош тортган.

Яна бир неча марта судда ютқазгач, Coca-Cola назорат тартибида ишни қайта кўриб чиқиш ҳақидаги аризани Россия Федерацияси Олий арбитраж судига юборди. Олий арбитраж суди шикоятни кўриб чиқишдан бош тортди. Шундан сўнг Цирикидзе судлашишга кетган маблағини қайтариб олиш мақсадида қарши даъво берди. 28 октябрь куни Омск суди ушбу даъвони қондирди.